Коррупцияга қарши курашиш агентлиги «Микрокредитбанк», «Бизнесни ривожлантириш банки» ва «Туронбанк»даги 148 нафар ходим 155 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик қилаётганини аниқлади. Ходимларга огоҳлантириш хатлари берилмоқда. Аввалроқ агентлик 6 та вазирликда ҳам шундай ҳолатларни аниқланганди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари 2023 йилда хизмат сафарлари, халқаро ва расмий тадбирларда жами 33 млн сўмлик 26 та ҳадя олганини маълум қилди. Энг юқори қийматли совғалар Қатардаги давлат ташкилотлари томонидан берилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мансабдор шахслар ўртасидаги манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари бартараф этилганини хабар қилди. Улар орасида икки нафар ҳоким, вазир ўринбосари, Фармацевтика агентлиги, Антидопинг маркази, Марказий депозитарий, PR-марказ ва Ахборотлашув маркази раҳбарлари бор.
Абдулла Авлоний номидаги малака ошириш институтида проректорга алоқадорлиги айтилган фирмага 2 млрд сўмдан ортиқ маблағ ортиқча тўлаб берилгани аниқланди. Антикоррупция агентлиги манфаатлар тўқнашуви юз бергани ва ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилганини билдирди.
Антикоррупция агентлиги 2022 йил учун давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик индексини эълон қилди. Унда биринчи учталикни Статистика агентлиги, Божхона қўмитаси ва Тошкент вилояти ҳокимлиги эгаллаган бўлса, сўнгги ўринларни «Қишлоққурилиш инвест», «Йўлқурилиш» ва МТРК банд қилди.
Ўтказилган сўровга кўра, 39 фоиз ёшлар пора беришни коррупция деб ҳисобламайди, деди Антикоррупция агентлиги раҳбари. Сенатор Маҳмуд Парпиевнинг айтишича, бу коррупцияга қарши курашда амалга оширилиши лозим бўлган кўплаб ишлардан далолат беради.
Мудофаа вазирлиги Коррупцияга қарши кураш агентлигининг давлат харидлари тўғрисидаги қонун бузилиши ҳақидаги хабарини рад этди. Ҳуқуқбузарликлар Мудофаа вазирлиги бюджет маблағларига алоқаси бўлмаган «Харбий савдо» корхоналарининг 5 йиллик фаолияти давомида содир этилган, дейилади хабарда.
Банк тизими таълим соҳасидан кейин энг коррупциялашган тармоқ ҳисобланади, деди Антикоррупция агентлиги раҳбари. Икки йилда 676 нафар банк ходими 354,2 млрд сўмни талон-торож қилган. «Бу рақамлар ислоҳотларга соя солмоқда ва халқ ишончига путур етишига сабаб бўлмоқда», — деди Акмал Бурхонов.
Антикоррупция агентлиги раҳбари Тошкент Ўзбекистондаги энг коррупциялашган ҳудудлардан бири эканини айтди. Пойтахтда коррупцияга оид жиноятлар сони йил давомида уч баробарга ошган. Бундан ташқари, интернетда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги хабарларнинг ярми пойтахт ҳиссасига тўғри келади.
Тошкент шаҳри ва 7 та ҳудуд ҳокимиятлари очиқ маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид равишда маҳаллий бюджетларнинг ижроси ва биринчи чоракда маблағларни йўналтириш мақсадлари тўғрисидаги ахборотларни жойлаштирмаган. Улар Антикоррупция агентлиги томонидан огоҳлантирилди.
Антикоррупция агентлиги Шофиркон тумани тиббиёт бирлашмаси фаолиятида 1,2 млрд сўмдан кўпроқ молиявий хато ва камчиликларни аниқлади. Бирлашмада аслида ишламаган ходимлар учун ойлик иш ҳақлари тўлангани, тиббиёт техникалари қиммат нархда сотиб олингани, пуллик тиббий хизматдан тушган маблағлар мақсадсиз сарфлангани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Антикоррупция агентлиги Шахмат федерацияси билан боғлиқ молиявий операцияларни ўрганиб, федерацияга 2020−2021 йилларда бюджетдан маблағлар тўғридан-тўғри ажратилмаганини аниқлади. 2021 йилда фақат Туризм ва спорт вазирлиги 6 та тадбир учун федерацияга 2,8 млрд сўм маблағ берган. Агентлик Шахмат федерацияси ННТ бўлгани боис, унинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш учун ҳужжатларни Адлия вазирлигига юборди.
Антикоррупция агентлиги Меҳнат кодексига давлат органларига ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларни ишга қабул қилишни тақиқловчи ўзгартишлар киритишни таклиф қилди. Қариндошлиги ҳақида хабар бермаган ходимларга 5,4 млн сўмгача, ходимларнинг қариндошлигини била туриб чора кўрмаган мансабдорларга эса 8,1 млн сўмгача жарима қўлланилиши мумкин.
Антикоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов Коррупцион жиноятларни содир этган шахсларнинг реестри тўғрисидаги қонун ишлаб чиқилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси яқин кунларда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.
Адлия вазирлиги коррупцияга қарши кураш бўйича президент фармони лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди. Унга кўра, коррупцион жиноятни содир этганларнинг очиқ электрон реестрини юритиш, уларнинг давлат хизматида ишлаши ва сайловларда қатнашишини тақиқлаш таклиф этилмоқда. Шунингдек, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликнинг кучайтирилиши кутилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Coca-Cola корхонасининг хусусийлаштирилиши бўйича Давактив муносабатига жавоб берди ва жараённинг давом эттирилишига эътирози йўқлигини маълум қилди.
Давактив Антикоррупция агентлигининг «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd»ни хусусийлаштириш бўйича тендерни тўхтатишни сўраб киритган тақдимномасига муносабат билдирди. Давактив Антикоррупцион агентлик ва жамоатчилик билан хусусийлаштиришни халқаро амалиёт қоидаларига мувофиқ ҳолда сотиш жараёни юзасидан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг